Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида, фуқаро А.Т. халқаро аэропортнинг йўловчиларни кутиб олиш жойида ушбу авиарейс билан учиб келган бир нечта йўловчилардан умумий қиймати 358,6 млн сўмлик 1 дона "Play station 5" қурилмаси ва 4 турдаги жами 23 дона iPhone уяли алоқа воситаларини йиғиб олиб аэропорт ҳудудини ўзига тегишли бўлган автотранспорт воситасида тарк этаётган вақтида тўхтатиб қолинган.
Шунингдек, Фарғона туманида ҳаракатланаётган Nexia-2 автомашинаси кузатувга олиниб, ушбу туман ҳудудида тўхтатилганида ҳайдовчи автомашинани воқеа жойида қолдириб ўзи эса яширинган. Автомашина кўздан кечирилганда, хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 730 млн. сўмлик 18 турдаги жами 300 дона уяли алоқа воситалари борлиги аниқланган.
Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида умумий қиймати 1 млрд 90 миллион сўмлик 26 турдаги 320 дан зиёд уяли алоқа воситаларининг ноқонуний олиб кирилиши ҳамда айланишига чек қўйилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.