Куни кеча Bukhara News Telegram-каналида “Цинепар” сиропини ичган 23 нафар бола вафот этгани ҳақида хабар эълон қилинганди. Шундан сўнг, ССВ мазкур ҳолат ҳақиқатга зид эканлигини маълум қилиб, ўрганишлар давомида Бухоро вилоятидаги тиббиёт муассасаларида даволанган болаларда ушбу препаратни қабул қилиш туфайли ҳеч қандай ўлим ҳолати кузатилмаганини маълум қилди.
Бухоро вилояти прокуратурасининг хабар қилишича, мазкур Telegram-канал томонидан маълумотларнинг ҳаққонийлиги ўрганилмасдан видеомурожаат эълон қилинганлиги оқибатида аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар тарқатилганлиги ҳолати бўйича ЖКнинг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш вилоят ИИБга юклатилди. Тергов жараёни тўғрисида қўшимча ахборот берилади.
Маълумот учун, мазкур моддада энг кам иш ҳақининг 70 бараваридан 100 бараваригача миқдорда ёки 6 ойгача қамоқ ёҳуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўрсатилган.