Шавкат Мирзиёев раислигида 25 январь куни камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда бандликни таъминлаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йилги режалар муҳокама қилинди.
"Камбағалликни қисқартиришнинг асосий омили бу – аҳолини даромадли иш билан таъминлаш. Шунинг учун маъмурий ислоҳотлар доирасида камбағалликни қисқартиришга масъул 5 та идора яхлит тизимга айлантирилди. Янги вазирликка барча ташкилий ва молиявий имкониятлар берилди. Энди, меҳнат ресурслари ва ишсизлик ҳисобини юритиш ҳам, бандликка кўмаклашиш ва тадбиркорликни маҳаллабай ривожлантириш ҳам битта вазирликда бўлади", – деди Шавкат Мирзиёев.
Мутасаддиларга 2023 йилги бандлик дастурини туманлар кесимида пухта ишлаб чиқиб, тасдиқлаш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда 4 ва 5-тоифаларга кирган туманларда камбағалликни қисқартириш ишлари ҳам янгича ташкил қилиниши белгиланди. Унга кўра, биринчи босқичда “темир дафтар”, “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” ягона тизимга бирлаштирилиб, ҳар бир оиланинг ягона рақамли паспорти ишлаб чиқилади. Иккинчи босқичда уларни камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал дастурлар тузилади. Учинчи босқичда оила учун касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик лойиҳалари амалга оширилади.
Шунингдек, маҳаллаларда 300 та микромарказ ташкил этиш бошланди. Президент бундай марказларни кўпайтириб, ишсиз аҳолининг ҳунармандлик ва тадбиркорлик билан шуғулланишига шароит яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига Савдо-саноат палатаси билан бирга туманларнинг ҳар бири бўйича тадбиркорликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилишда вилоят ва туман ҳокимлари ҳудудлардаги имконият ва тажрибалар юзасидан ахборот берди. https://president.uz/uz/lists/view/5839