Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 25 январь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, кичик бизнесни ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар берди Президент матбуот хизмати.
Йиғилишда давлат раҳбари оилавий тадбиркорликни янада рағбатлантириш мақсадида молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари янада кенгайтирилишини таъкидлади.
Хусусан, 2023 йилда:
• тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш учун ажратиладиган кредит миқдори амалдаги 225 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади;
• фермерларга гаровсиз кредитлар миқдори 50 миллион сўмга (ҳозирда 33 миллион сўм) етказилади;
• Илгари оилавий тадбиркорлик дастурлари бўйича кредит олиб, яхши натижалар кўрсатган тадбиркорлар яна ушбу дастурлар бўйича имтиёзли кредит олиш имкониятига эга бўладилар (энди бир мартагина олиш мумкин);
• кредитларнинг бир қисмини банк картасига олиш мумкин бўлади.
Шунингдек, 2023 йилда оилавий тадбиркорлик дастурига 12 триллион сўм йўналтирилади.
Шунингдек, яқинда президент томонидан имзоланган қарорга кўра, оилавий тадбиркорликка қўшимча 300 миллион доллар ажратилади.