Шавкат Мирзиёев иштирокида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда кичик бизнесни ривожлантиришга қўшимча шароитлар яратиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказаётган видеоселекторда вилоятларнинг бир қатор шаҳар ва туманларини танқид қилди.
Навоий, Бухоро, Наманган, Қўқон, Оҳангарон ва Чирчиқ шаҳарлари, Зафаробод, Арнасой, Вобкент, Шофиркон, Когон, Ғиждувон, Ромитан туманларининг бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича режалари пухта ишлаб чиқилмагани, уларда мавжуд барча имконият ва захиралар ҳисобга олинмаганини танқид қилинди.
Шу билан бирга, камбағаллик кўрсаткичлари республика бўйича яхшиланган бир пайтда, Навоий, Сурхондарё ва Фарғонада ўзгариш сезилмаётгани таъкидланди.
Президент камбағалликни қисқартиришнинг энг асосий механизми — аҳолини даромадли иш билан таъминлаш эканини қайд этди. Шу боис, маъмурий ислоҳотлар доирасида камбағалликни қисқартиришга масъул 5 та идора яхлит тизимга айлантирилди.
Эндиликда меҳнат ресурслари ва ишсизлик ҳисобини юритиш ҳам, бандликка кўмаклашиш ва тадбиркорликни маҳаллабай ривожлантириш ҳам битта — Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида бўлади. Бундан ташқари, янги вазирликка Хитойдан камбағалликни қисқартириш бўйича катта тажрибага эга экспертлар жалб қилинмоқда.