Аномал совуқ даврида Сурхондарё вилоятида Тожикистондан қўшимча электр энергияси етказиб бериш йўлга қўйилди. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» Сурхондарё ҳудудий филиали ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 18 январь куни вилоятнинг Шўрчи, Олтинсой, Қумқўрғон, Жарқўрғон туманларининг 70 фоиз, Бандихон, Қизириқ, Шеробод туманларининг 90 фоиз ва Бойсун, Сариосиё, Узун, Денов туманларидаги барча истеъмолчиларга Тожикистоннинг «Регар-500» подстанциясидан чиқувчи 220кВли Л-Регар-Зарчоп ва Л-Регар-Шеробод электр узатиш тармоқлари орқали электр токи билан таъминланган.
Тожикистоннинг «Регар-500» подстанциясидан чиқувчи 220кВли Л-Регар-Зарчоп ва Л-Регар-Шеробод электр узатиш тармоқларининг ҳар биридаги симнинг юкламани кўтариш қобилияти 250 МВтга мўлжалланган бўлиб, Л-Регар-Зарчоп ва Л-Регар-Шеробод электр узатиш тармоқларининг бирортаси фавқулотда ўчиб қолиш ҳолатлари юз берган вақтларда энергосистемани сақлаб қолиш мақсадида Шўрчи, Олтинсой, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Бойсун, Сариосиё, Узун, Денов туманлари бўйича Жанубий минтақавий диспетчерлик бошқармаси диспетчерларининг топшириғи ва Сурхондарё ҳудудий диспетчерлик бўлими диспетчерининг фармойиши билан туманларнинг ўзидан тасдиқланган чеклаш графигига асосан 6-10 кВли фидерлардан соатига 70-80 МВт дан чеклаш олиб бориш тақозо этилади.