Тошкент шаҳрида транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш ва йўл ҳаракатини рақамли бошқариш тизимини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида президент қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Лойиҳада мавжуд йўл – кўча тармоғи параметрларидан, йўл бўйида жойлашган объектлар, савдо шохобчалари, кафелар каби объектлар жойлашган кўчаларда пуллик йўл бўйи автомобилларни тўхтаб туриш жойлари тизими жорий этилиши кўзда тутилган.
Мазкур объектларга қисқа вақтга келиб кетадиганлар учун маълум чегараланган вақт давомида пул олинмайди, яъни йўл бўйидаги савдо расталаридан харид қилиш учун тўхтаб, 15 дақиқа давомида автомобилларни тўхтаб туриш жойларини бўшатиб қўйган автотранспорт воситаларидан пуллик автомобиль тўхтаб туриш жойларидан фойдаланганлик учун пул ундирилмайди.
Йўл бўйи пуллик автомобиль тўхтаб туриш жойлари тизими шаҳар марказидан бошлаб, вақтга боғланган тарифлар бўйича камайиб борадиган ягона тизимга боғланади, ҳамда фойдаланувчилар учун қулай тўлов тизими воситалари, мобиль иловалар орқали олдиндан жойни банд қилиш, бўш жойлар тўғрисида маълумотларни олиш каби имкониятлар яратилади.
Ушбу тизимга шаҳар марказида, йирик бозорлар, савдо марказлари олдида ташкил этиладиган автомобилларнинг йўл бўйи пуллик автомобиль тўхташ жойлари, йирик транспорт боғламалари, метронинг охирги ва йўловчи оқими юқори бўлган бекатлари ва шаҳарга асосий кириш жойлари ёнида ташкил этиладиган автотураргоҳлар, аҳоли яшаш жойларида ташкил этиладиган очиқ автомобиль сақлаш жойлари тармоқлари киритилиши керак.
Тошкент шаҳрининг кўчаларида жами 10 000 ўринли автомобилларнинг йўл бўйи пуллик автомобиль тўхташ жойлари тизими давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида барпо этилади.
Тизимни барпо этиш жараёнида йўл бўйи пуллик автомобиль тўхташ жойларига ёндош ҳудуддаги пиёда йўлакларини таъмирлаш ва велосипед йўлаклари ташкил этиш ишлари амалга оширилади.