Жорий йилнинг 12 январь куни Тошкент вилояти Зангиота туманидаги ҳарбий қисмлардан бирида ҳарбий хизмат ўтаётган йигитнинг жасади уйга қайтган. Бу ҳақда "Миллар" дастури хабар берди.
Маълум қилинишича, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри "Худойзор" маҳалласида яшовчи 2003 йилда туғилган ҳарбий хизматчи 2022 йилнинг май ойида Тошкент вилояти Зангиота туманига ҳарбий хизматга кетган.
Марҳум йигитнинг уйдагиларига 11 январь куни кечки соат 17:30 ларда ҳарбий қисмдан қўнғироқ бўлиб, ўғли эҳтиётсизлик сабаб ўзини отиб қўйганлигини айтган.
Марҳумнинг онасининг айтишича, аввалига унга ўғли ўз жонига қасд қилди деб ҳам айтишган.
"Билмайман, бу ерга 6 та 7 та аскарларнинг тиқиб қўйганмиз. Ҳозир суриштирув кетяпти. Ўғлингизни отиб қўйишибди, деб бошқача гапирди. Биринчи отиб қўйди, кейин отиб қўйишибди, деди", - дейди онаси.
Марҳумнинг холаси жасад экспертизага берилмаганлиги, жасадда эса турли тан-жароҳат излари борлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, жиянининг иккита тиши синган, қошининг тепаси ҳам мушт таъсирида ёрилган ҳолатда бўлган.
Бош прокуратура хабарига кўра, ҳозирда ҳолат юзасидан Тошкент ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар суриштурув ишлари олиб борилмоқда.