Фарғона вилояти божхона бошқармасининг хабар беришича, қиймати 1,5 млрд сўмга яқин бўлган скутерларни «велосипед» сифатида ноқонуний олиб кириш ҳолати аниқланган.
Маълум қилинишича, Қўқон шаҳрида фаолият юритаётган корхона номига хориждан олиб келинган товарларни ушбу ҳудудда жойлашган "Agro Green Life" очиқ турдаги божхона омборида божхона режимига расмийлаштириш учун тақдим этилган ва божхона юк декларацияси асосида божхона кўригидан ўтказилган.
Кўрик жараёнида ҳужжатларда кўрсатилган электр велосипед ҳамда велосипед шиналари товарларининг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси бўйича таснифлаш кодларида божхона ходимида шубҳа туғилган. Натижада товарлар божхона экспертизасидан ўтказилган.
Ҳужжатларда электр велосипед ҳамда велосипед шиналари деб кўрсатилган бўлиб, аслида бу товарлар скутерлар ҳамда мототцикл шиналари эканлиги, ТИФ ТН коди божхона юк декларациясида нотўғри кўрсатилганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан умумий қиймати 1 234 800 000 сўмлик 270 дона скутер ҳамда 1548 дона мото шиналар вақтинча сақловга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, товар коди тўғри белгиланганида, давлат бюджетига 123 млн сўм миқдорида божхона тўловлари ундирилган бўлар эди.