Кеча, 10 январь куни кечқурун 22:00 ларда қатор вилоятларда жумладан Тошкент шаҳридаги айрим мактабларда ҳам 11 январдан дарслар бошланиши эълон қилинди. Бу эса аҳолининг эътирозларига сабаб бўлди.
Бугун, 11 январь куни ижтимоий тармоқларда дарслар бошланиши эълон қилинган мактабларда ўқувчилар дарсга келмагани айтилмоқда.
Масалан, Тошкентдаги мактабларнинг бирида синфда бир нафар ўқувчи дарсга келган.
"Бизга ҳам буйруқ беришади. Агар бирон нима десак, "ойлигингни олганингдан кейин ишлайсанда" дейишади. Бугун синфимда 1 нафар ўқувчи келибди", - ёзади ўқитувчилардан бири.
"Икки болага янги мавзуни қандай тушунтириш керак? Кейин, бошқа ўқувчилар келганидан кейин яна ҳаммага тушунтириш керакми? Бу шунчаки масқаравозлик", - дея пост қолдирган тошкентлик бошқа ўқитувчи.
Шунингдек, собиқ депутат Расул Кушербаев ҳам фарзандининг синфида ҳақат бир ўзи борганини маълум қилди.
"Бугун фарзандим синф бўйича дарсга борган ёлғиз ўқувчи бўлибди. Ўқитувчиси ва фарзандимдан бўлак бошқа ҳеч ким дарсга келмаган", - ёзган у.