Поиск
RUUZ

Общество

Умра зиёратидан қайтган аёлнинг оёғи остига ёш бола бостирилди

Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази муносабат билдирди.

854views0replies
0

Видеодан кадр

Умра зиёратини адо этиб келган аёлни кутиб олишда унинг қадами остига шолчалар, кийимлар тўшалгани, ёш болани зиёратчининг оёғи остига бостирилиши акс этган видеолавҳа ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази муносабат билдирди.
«Ҳақиқатда умра ибодатига бориб келаётган айрим зиёратчилар ва уларнинг яқинлари билган ёки билмаган ҳолда риёкорликка йўл қўйиши кузатилмоқда. Баъзи ҳолларда умра сафаридан келганларни дабдабали кутиб олиш, кўча бошидан паёндозлар солиш ҳолати кўпаймоқда. Бу кабилар динимизга мутлақо зид бўлиб, ундай ишларни қилаётганлар ўта жоҳил ва нодон кишилардир.
Эҳтимол, бу ишлари билан улар ўзларининг Аллоҳнинг байтига бўлган эҳтиромларини ёки уни тавоф қилиб келган кишига нисбатан ҳурматларини ифодаламоқчидирлар. Лекин, ибодатга ҳурмат-эҳтиром бу тарзда намоён қилинмайди. Аксинча, бу риёкорлик ва оғир гуноҳ», — дейилади муносабатда.
Фатво марказининг баён қилишича, мусулмон киши ҳар бир ишни қилишда Аллоҳ таолонинг розилигини қасд қилиши лозим. Агарда киши бир амалга «одамлар мени кўриб қўйсин», деган қасд билан киришса, шу амали бекорга кетиб, устига-устак гуноҳкор ҳам бўлади.
«Шундай экан, дабдабали маросимлар учун қиладиган сарф-харажатларни тежаб, ён-атрофимиздаги муҳтож кишиларга берсак, фарзандларимизнинг таълим олиши йўлида сарфласак, ибодат қабул бўлиши учун бир васила бўлар эди», — деб ёзади Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази матбуот хизмати.
854views0replies
0

Комментарии