Поиск
RUUZ

Общество

Тошкентдаги 2 та метан "заправка" ноқонуний фаолият кўрсатиб келаётганлиги аниқланди

Икки АГТКШга табиий газ етказиб бериш тўхтатилди.

239views0replies
0

Энергетика вазирлиги

Бугун Энергетика вазирлиги штаби томонидан ўтказилган тунги назорат тадбирларида Тошкент шаҳридаги айрим автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (AГТКШ) ноқонуний фаолият юритиб келаётганлиги аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, Янгиҳаёт туманида жойлашган “ENERGOMASHTRANS IMPEX” (ShAFFOF) МЧЖга AГТКШ ўзбошимчалик билан белгиланган ўчириш графигига риоя этмаган ҳолда ўрнатилган бир марталик тамғаларни бузиб, кўча ёритиш чироқларини ўчирган ҳолда яширинча фаолият кўрсатаётганлиги маълум бўлди.
Мазкур AГТКШ бугунги кунга қадар 2 маротаба қоидабузарликка йўл қўйганлиги сабабли, унга жорий йилнинг 4 декабрь куни 50 400 метр куб (50,4 млн сўм) ва 21 декабрь куни 921 600 метр куб (921,6 млн сўм) қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Бугун, 29 декабрь куни ўтказилган тадбирда AГТКШнинг модем қурилмаси ўчирилганлиги ва табиий газдан ўзбошимчалик билан фойдаланиб келаётганлиги сабабли 460 800 метр куб (460,8 млн сўм) қўшимча ҳисоб-китоб қилинди ҳамда табиий газ етказиб бериш тўхтатилди.
Шунингдек, Сергели тумани, Янги Тошкент ҳалқа йўлида жойлашган “MEGA OIL BIZNES” МЧЖга қарашли AГТКШ белгиланган ўчириш графигига риоя этмаган ҳолда ўзбошимчалик билан фаолият кўрсатаётганлиги маълум бўлди.
Ушбу AГТКШнинг газ ҳисоблагичи белгиланган тартибга кўра уланиш нуқтасида жойлашиши ўрнига шохобча ҳудудида ўрнатилган. Тадбир давомида AГТКШнинг газ ҳисоблагичини кўздан кечириш имконияти бўлмаганлиги сабабли, ASKUG тизими орқали ўрганилганда, “Ҳудудгазтаъминот” AЖнинг метрологлари томонидан газ ҳисоблагичнинг параметрлари ўзгартирилганлиги бўйича хулоса қилинди.
Шунингдек, мазкур AГТКШ белгиланган кунлик газ сарфини яширинча камайтириб кўрсатиб келаётганлиги маълум бўлди ва унга табиий газ етказиб бериш тўхтатилди.
Aниқланган ҳолатлар юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.
239views0replies
0

Комментарии