Президент Шавкат Мирзиёев 25 февраль куни Тошкент вилоятида амалга ошириладиган бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Улардан бири – Тошкент вилоятининг Қибрай туманида, “Тошкент-Шарқий” аэродроми яқинида 155 гектарлик боғ барпо этиш лойиҳаси.
Уни ишлаб чиқишда дунё мегаполисларидаги машҳур паркларнинг ландшафти, қулайликлари ўрганилган. Бу боғ фақат дарахтзор, бута ва гуллардан иборат ўзига хос дендропарк бўлиши кўзда тутилган. Бу пойтахт экологиясига катта таъсир кўрсатадиган, аҳоли ва меҳмонлар сайр қиладиган “яшил ҳудуд” бўлади.

Мазкур боғнинг ёнида Олимпия шаҳарчаси қурилиши режалаштирилмоқда. Осиё Олимпия кенгашининг қарорига кўра, 2025 йилда Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари Тошкентда ўтказилади. Унда қитъадаги 45 та мамлакат ёшлари 20 га яқин спорт тури бўйича беллашади.
"Шу мақсадда 160 гектар майдонда Олимпия шаҳарчаси қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган. Чирчиқ дарёсининг 5 километрдан зиёд қисмида қирғоқларни тартибга келтириб, эшкак эшиш бўйича мусобақалар учун зарур шароит яратиш мўлжалланган. Унинг бўйларида эса 270 гектарлик парк этилиши режалаштирилган", дейилади президент Матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, Қибрай туманининг ушбу ҳудудида 2 та университет, шифохона, экспо, савдо ва кўнгилочар марказ бинолари жойлаштирилиши назарда тутилмоқда.
