Поиск
RUUZ

Экономика

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида 6,4 млрд долларлик шартномалар имзоланди

Бугун Hilton Tashkent City меҳмонхонасида Ўзбекистон-Саудия Арабистони бизнес-форуми бўлиб ўтди.

84views0replies
0

UzNews.uz

Жорий йилнинг 23 декабрь куни Саудия Арабистони делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Hilton Tashkent City меҳмонхонасида Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Саудия Арабистони Инвестициялар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган Ўзбекистон-Саудия Арабистони бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев, Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ, икки мамлакатнинг вазирлик ва идоралари ҳамда 100 дан ортиқ етакчи компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
Ташқи савдо ҳажми ва географиясини кенгайтириш учун очилаётган имкониятлар, жумладан, минтақавий бозорлар ва GSP+ имтиёзлари асосида Европа Иттифоқи бозорларига эркин кириш имкониятларидан самарали фойдаланиш, йирик минтақавий транспорт лойиҳаларини илгари суриш орқали савдо йўлларини диверсификация қилиш ва мамлакатнинг ЖСТга кириш бўйича саъй-ҳаракатлари сўзга олинди.
"Ўзбекистон ва Саудия Арабистони бой табиий ресурсларга, улкан саноат салоҳиятига эга. Биз Ўзбекистонда ҳам, Саудия Арабистонида ҳам юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган қўшма корхоналарни ташкил этишни режалаштирмоқдамиз, улар келгусида аҳолисининг умумий сони 1,4 миллиарддан кўпроқ потенциал истеъмолчиси бўлган минтақавий ва Европа бозорларига, шунингдек, Катта Араб эркин савдо ҳудуди мамлакатларига экспорт қилинади", – деди Жамшид Ходжаев ўз нутқида.
Нефть-газ ва нефть-кимё, машинасозлик, электротехника, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал, ипакчилик, инфратузилма қурилиши ва туризм каби соҳалардаги Инвестицион ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб берилди. B2B ва G2B музокараларида ишбилармон доираларнинг алоқаларни ўрнатиш ва ҳамкорликда ишлашга қизиқаётганлиги маълум бўлди.
Форум якунида жами 6,4 млрд долларлик шартномалар имзоланди.
84views0replies
0

Комментарии