Поиск
RUUZ

Криминал

Банк ходимлари тадбиркорнинг 3 млрд пулини ўзлаштирдими?

Банкнинг таклифи билан Тошкентдаги тадбиркор меҳмонхона қурилиши учун 10 млрд сўм кредитни расмийлаштиради. Тадбиркор кредитнинг бир қисмини мақсадли ишлатади. Орадан 2 йил ўтгач, 3 миллиарддан ортиқ пул банк томонидан нотаниш фирмага ўтказилганлиги аниқланади.

436views0replies
1

UzNews.uz

Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган Borux-Trade МЧЖ 2018 йили пойтахтнинг Чилонзор туманида меҳмонхона қурилишини бошлаган. Ўша йили пойтахтдаги банклардан бирининг филиали МЧЖга 10 миллиард сўм кредит расмийлаштириш таклифи билан чиққан. Ушбу таклифни қабул қилган Borux Trade МЧЖ мутасаддилари расмийлаштирилган 10 млрд сўм кредит маблағидан 3 миллиард 44 миллион сўмини меҳмонхона учун керакли бўлган қурилиш материаллари харид қилинган.
Орадан 2 йил ўтиб, яъни 2020 йилнинг ёз ойида банк ходимлари томонидан МЧЖ раҳбарига қўнғироқ қилиб, банкка келиб кетишини айтишган. Улар банк ходимлари билан учрашганда банк ходимлари фирмага расмийлаштирилган 10 млрд сўм кредит маблағидан ишлатилган пулларнинг рўйхатини бериб, унга қўл қўйишини айтган.
МЧЖ раҳбари ушбу ҳужжатни кўздан кечириш жараёнида 2019 йилнинг март ойидан 2020 йилнинг март ойига қадар 14 та операция орқали Borux-Trade МЧЖ номига расмийлаштирилган 10 млрд сўм кредит маблағидан жами 3 миллиард 193 миллион сўмни Perekryostok МЧЖга ҳеч қандай ҳужжатларсиз ўтказиб юборилганлиги аниқланган.
Borux Trade МЧЖ мутасаддилари ушбу ҳолатдан сўнг тегишли жойга мурожаат қилган. Мурожаат ўрганиб чиқилгандан сўнг, бу иш Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Сергели туман судида кўриб чиқилган. Суд ҳукмига кўра, Borux-Trade МЧЖ номига расмийлаштирилган 10 миллиард сўм кредит маблағидан юқорида айтиб ўтилган маблағларнинг Perekryostok МЧЖга ўтказиб юборилишида Borux Trade МЧЖнинг ҳеч қандай алоқаси йўқлиги айтилган ҳамда ҳукм чиқарилган.
Судланувчилар Borux Trade МЧЖ бош ҳисобчиси С.Н. ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми "а,г" банди, 168-модда 4-қисми "а" банди, 184-модда 2-қисми "б" банди ва 228-модда 2-қисми "а,б" бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Perekryostok МЧЖ раҳбари У.Б. ЖКнинг 167-моддаси "а,г" банди, 168-модда 4-қисми "а" банди, 184-модда 2-қисми "б" банди ва 228-модда 2-қисми "а,б" бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга нисбатан 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Суд ҳукмидан норози бўлган банк мутасаддилари ЖИБ Тошкент шаҳар судига апелляция тарзида мурожаат қилган. Суд ҳукмига кўра, 10 миллиард сўмлик кредит Borux Trade МЧЖга расмийлаштирилганлиги учун, Perekryostok МЧЖга ўтказиб юборилган пулларни банкка қайтариш Borux-Trade МЧЖга юклатилган.
ЖИБ Тошкент шаҳар судининг ҳукмидан норози бўлган Borux-Trade МЧЖ мутасаддилари Олий судга кассация тарзида мурожаат йўллаган. Ишни ўрганиб чиқиб Олий суд қуйидагича ажрим чиқарган.
Иш ҳолатларига кўра, банк томонидан ажратилган 10 млрд сўм миқдоридаги кредит маблағларини мақсадли ишлатилиши, пулларни бошқа корхоналарга кўчирилишида банк ходимлари томонидан қонун бузилиши ҳолатлари мавжудлиги кўринади. Бироқ, суд ушбу ҳолатларни ҳар тарафлама, тўла ва холисона текшириш чорасини кўрмаган.
Қайд этилганларнинг барчаси суд муҳокамасининг тўлиқ эмаслиги ва бир ёқлама олиб борилганлиги, суд ўз хулосасига таъсир қилиши мумкин бўлган ҳолатларни ҳисобга олмаганлиги, процесс иштирокчиларига, жумладан судланувчига унинг ишига алоқадор важлари судда текширилиши ва баҳоланиши билан боғлиқ қонун билан берилган ҳуқуқларнинг чекланганлиги ва иш юритишда юқорида қайд этилган қонун талабларига риоя этилмаганлигини англатиб, ЖПҚ нормаларининг жиддий бузилиши ҳисобланади.
Бундай ҳолатда апелляция инстанциясининг ажримини қонуний ва асосли деб бўлмайди. Шу сабабли, судлов ҳайъати иш бўйича чиқарилган апелляция инстанцияси судининг ажрими бекор қилиб, ишни янгидан апелляция инстанция судида кўриш учун юборишни лозим деб топди, дейилади Олий суд ҳукмида.
Ишни янгидан кўриб чиққан ЖИБ Тошкент шаҳар судининг ҳукмига кўра, жиноят ишининг банк филиалини фуқаровий даъвогар деб топиш қисми бекор қилинди ва икки нафар судланувчилар солидар тартибда фуқаровий даъвогар Borux-Trade МЧЖ фойдасига етказилган моддий зарар ундириш белгиланди. Банк филиали томонидан келтирилган апелляция шикояти қаноатлантирилди.
Банк филиали кредит шартномаси бўйича юзага келиши мумкин бўлган ҳолатлар масаласида тегишлилиги бўйича фуқаролик ёки иқтисодий судларга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Таъкидлаш жоизки, Borux-Trade МЧЖда бош ҳисобчи лавозимида ишлаган С исмли шахснинг айтишича, банк ходимлари унга мўмай даромад топишни таклиф қилишган. Уларнинг таклифига рози бўлган бош ҳисобчининг вазифаси қалбаки ҳужжатларга муҳр ва қўл қўйиб бериш керак бўлган.
Ҳозирги кунда Тошкент шаҳар иқтисодий суди томонидан банк филиали фойдасига расмийлаштирилган кредит маблағининг қопланмай қолган фоиз қисмини Borux-Trade МЧЖдан ундириш бўйича суд иши кўриб чиқилмоқда.
436views0replies
1

Комментарии