18 кунда 71 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг ҳажмдаги электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, декабрь ойининг 18 кунида ўтказилган назорат тадбирлари давомида ҳудудларда 471 та истеъмолчилар томонидан 21,4 млн кВт-соат миқдордаги электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Натижада, энергетика тизимига жами 10 млрд сўмдан зиёд зарар келтирилганлиги маълум бўлди.
Ушбу ҳажмдаги электр энергияси ўртача 71 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.
Ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари республиканинг барча ҳудудларида аниқланган. Мисол учун:
— Сирдарё вилояти, Боёвут туманидаги "Магистраль тармоқ қурилиш" МЧЖда 226,1 млн сўм;
— Самарқанд вилояти, Оқдарё туманидаги "Согда қурилиш" МЧЖнинг тош ва шағал майдалаш цехида 133,6 млн сўм;
— Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани "Чорсу" савдо комплексида 100,7 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.
Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, уларнинг электр ускуналари тармоқдан ажратилди.