Поиск
RUUZ

Общество

Электромобиллар ва гибрид автомобиллар 2030 йил 1 январгача божхона божидан озод этилади

"Электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарори қабул қилинди.

120views0replies
0

Қарорга кўра, электр энергияси манбаларида ҳаракатланувчи транспортлар ҳамда ички ёнув двигатели ва ташқи электр манбаи орқали зарядланувчи электр мотори ёрдамида ҳаракатланувчи транспортларни саноат усулида ишлаб чиқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилади.
2030 йил 1 январгача:
— республикада ишлаб чиқарилган электромобиллар ва гибрид автомобиллар утилизация йиғимидан озод этилади;
— хориждан олиб келинадиган электромобилларнинг ва гибрид автомобилларнинг бутловчи қисмлари, хомашё ва материаллар, ускуналар ва технологик жиҳозларни, шу жумладан сервис хизмати кўрсатиш учун эҳтиёт қисмлари божхона божидан озод этилади;
— республикада ишлаб чиқарилган ва ички бозорда сотилган, электромобиль ва гибрид автомобилларни сотиб олиш учун жисмоний шахсларга миллий валютада ажратиладиган БҲМнинг 1200 бараваридан ошмайдиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун кредит муддатининг дастлабки 36 ойи давомида компенсация тўланади.
Электромобиллар ва гибрид автомобилларда йўловчиларни ташиш хизматларини кўрсатувчилар 2030 йил 1 январгача лицензия варақалари берилганлиги учун давлат божини тўлашдан озод этилади.
2023 йил 31 январгача Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети қошида Электромобиллар ва уларнинг инфратузилмаси бўйича илмий тадқиқот лабораторияси ташкил этилади.
2023 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорларга қувватлантириш станциялари орқали электр энергиясини сотиш ҳуқуқи берилади. Бунда, хизмат тарифи (нархи) электр энергиясининг тасдиқланган тарифидан қатъи назар тадбиркорлар томонидан мустақил белгиланади;
2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар:
а) қувватлантириш станциялари ва улар ўрнатилган автомобиль тўхташ жойлари жойлашган ер участкалари ер солиғидан, шунингдек, қувватлантириш станциялари мол-мулк солиғидан;
б) асосий фаолият тури транспорт воситаларини қувватлантириш хизматини кўрсатиш бўлган тадбиркорлар фойда солиғидан ҳамда транспорт воситаларини қувватлантириш хизматини кўрсатишдан олинган даромад айланмадан олинадиган солиқдан;
в) импорт қилинадиган қувватлантириш станциялари, уларнинг компонентлари ва сервис инфратузилмаси учун технологик асбоб-ускуналар божхона божидан озод этилади. 
120views0replies
0

Комментарии