Жаҳон банки Ўзбекистонга “Тараққиёт сиёсати” операцияси (дунёнинг турли мамлакатларидаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватловчи банкнинг махсус молиявий воситаси) доирасида маблағ ажратишни маъқуллади.
Хусусан, хусусий секторга йўналтирилган инклюзив иқтисодиётни барпо этиш, бозор институтларини ривожлантириш ва барча фуқароларнинг иқтисодий ўсиш афзалликларидан фойдаланиши учун тенг имкониятларни таъминлашга қаратилган стратегик ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон ҳукумати қўллаб-қувватланади.
Жаҳон банкининг ёрдами 470 миллион доллар имтиёзли кредитлар ва 480 миллион доллар паст фоизли кредитларни ўз ичига олган молиявий пакет кўринишида тақдим этилади.
“Дунёдаги, Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги мураккаб вазиятга қарамай, Ўзбекистон ислоҳотларга қатъий интилишини намойиш этмоқда.
Жаҳон банкининг жорий фаолияти Ўзбекистонга 2017 йилдан бери инклюзив бозор иқтисодиётини барпо этиш учун кўрсатган кенг кўламли молиявий ва техник ёрдамимизга асосланади. Жаҳон банкининг мамлакат билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастури Ўзбекистоннинг келгуси беш йилга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор ислоҳотларни амалга оширишга хизмат қилади”, — деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татяна Проскурякова.
Ушбу маблағлар Жаҳон банки тизимидаги кредит ташкилотлари – Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТA) ва Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ) томонидан тақдим этилади. Халқаро тараққиёт ассосиацияси учта кредит беради ва ХТТБ паст фоиз ставкалари билан 12 йилдан 34 йилгача муддатга (ИДA ва ХТТБ молиялаштириш шартлари) кредит беради.
Маблағлар қуйидагиларга йўналтирилади:
— Фуқароларни, шу жумладан, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича янги Миллий стратегияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
— хусусий секторда ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш (“туғруқ”) учун давлат тўловлари бўйича тўловларни кенгайтириш, уларнинг иш жойида камситиш хавфини камайтириш.
— кичик бизнес субъектларининг молиялаштириш манбаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида молиявий хизматлар бозорида нобанк кредит ташкилотлари сонини кўпайтириш ва уларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш.
— тадбиркорлик муҳитини ва хусусий секторни ривожлантириш шарт-шароитларини яхшилаш мақсадида давлат корхоналарини хусусийлаштириш, рақобатни ривожлантириш, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг тўловга лаёқатсизлиги тўғрисидаги тартибларни тартибга солиш соҳасида янги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш.
— Бу ерда тармоқнинг барча иштирокчилари учун рақобат муҳитини яратиш мақсадида мобил телекоммуникация бозорида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш.
— давлат корхоналарининг молиявий фаолияти устидан назоратни кучайтириш ва уларнинг молиявий интизомини яхшилаш.
Тобора кенгайиб бораётган глобал иқтисодий ноаниқлик, халқаро молия бозорларидаги мураккаблашиб бораётган ҳолат ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва энергоресурсларнинг жаҳон бозоридаги нархлари ўсаётганлиги шароитида Жаҳон банки жорий операция доирасида давлат бюджетини молиявий қўллаб-қувватлайди.