Давлат раҳбари бугун, 13 декабрь куни «Тошкент иссиқлик маркази» корхонасининг Чилонзор иссиқлик марказини бориб кўрди.
Ушбу мажмуа 1969 йилда қурилган бўлиб, қозонхона 700 Гкал қувватга эга. Марказ 921 та кўп қаватли уй ва 100 дан ортиқ ижтимоий соҳа объектларига иссиқлик қуввати етказиб беради.
Сўнгги кунларда об-ҳавонинг кескин совиб кетиши оқибатида газ босимининг пастлиги кузатилмоқда. Бу иситиш даражасига салбий таъсир қилмоқда.
Чилонзор иссиқлик марказида ҳам ускуна ва тармоқлар эскирган. Иссиқликни узатишда йўқотишлар бор. Шу боис бу борадаги зарурий чора-тадбирлар муҳокама қилинди, дея хабар берди президент матбуот хизмати.
Давлат раҳбари иссиқлик ишлаб чиқаришнинг муқобил манбаларини излаш, қувурлар ва уйларда ҳароратни асраш зарурлигини таъкидлади, дейилади хабарда.
Тошкент шаҳри туманларига электрда ишлайдиган 2 мегаваттли станциялар олиб келиб, қўшимча иссиқлик қувватлари яратиш таклифи маъқулланди. Бундай битта қурилма 1 минг 340 та хонадонга иссиқлик етказиб беради. Ишлаб чиқариш харажати камлиги эвазига нарх ошмайди.
Шавкат Мирзиёев кутилмаганда шу ердаги Ширин маҳалласини кириб кўрди. Аҳоли хонадонларида бўлиб, турмуш шароитлари, иссиқлик таъминоти билан қизиқди.