Аввалроқ, Маданият вазирлиги 15,5 млрд сўмга "Turin innovation markazi" номли МЧЖдан "Маданият карвони" учун мусиқий техника ва кўчма саҳна ўрнатилган иккита махсус юк машинаси харид қилгани ҳақида хабар тарқалганди.
Бугун, 10 декабрь куни Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида вазир Озодбек Назарбеков муҳокамаларга сабаб бўлган машина ҳақида ҳам маълумот берилди.
Вазирнинг таъкидлашича, соҳада замонавий техникаларга эга бўлган махсус автомобилларни сотиб олиш учун аслида давлат томонидан 20 млрд сўм маблағ ажратилган.
"Бу Маданият вазирига топшириқ сифатида берилган. Яъни соҳада махсус автомобиль сотиб олиш учун аслида 20 млрд сўм ажратилган эди. Биз буни 14 млрд сўмга тушириб, арзонроқ қилиб, кўриб-билиб, нархи бўйича талашиб сотиб олганмиз. Ҳали улар қўлимизга етиб келганича йўқ, яқин кунларда келади. Шуни баралла айта оламан, биз харид қилаётган машина яқин қўшни давлатларда ҳам йўқ", - дейди вазир.
Таъкидланишича, мазкур транспорт воситалари техникаларга бой ва жуда қулай. Агар айнан ўша машиналарда энг чекка ҳудудларга бориб, концерт ташкил қилиниши керак бўлса, ўша жойнинг ўзида 20 дақиқадан сўнг концертни бошлаб, хонандани саҳнага таклиф қилиш мумкин.
"Уни ўзида саҳнаси бор, овоз кучайтиргичларидан тортиб, экранларигача бўлади. У замонавий кўринишдаги катта саройларни, дейлик, "Халқлар дўстлиги" санъат саройининг худди кичрайтирилган саҳнасидек бўлади". Бундан мақсад энг чекка ҳудудларда ҳам сифатли хизмат кўрсатиш. Оддий қора пардани олдида хира лампочкани ёқиб қўйиб, концерт беришлар даври ўтди. Аҳолини савияси кундан кунга ўсиб, дунёни кўряпти. Шунинг учун юқори даражада хизмат кўрсатиш талаб этилади. Буни вазирлик ютуғи деб, тўғри тушунишим керак", - дея таъкидлади Озодбек Назарбеков.