Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти томонидан geonom.tashkent.uz сайти тест режимида ишга туширилмоқда. Бу ҳақда ҳокимлик Матбуот хизмати хабар берди.
Сайт пойтахтдаги географик объектларни номлаш ва қайта номлаш жараёнида аҳоли иштирокини таъминлаш ва фикрини инобатга олишга мўлжалланган.
Сайтга кирилганда электрон харита пайдо бўлади. Экраннинг паст тарафида аҳолининг фикрини ўрганишга қаратилган иккита ёзув бор. Уларнинг бирига кириш орқали номланаётган ва қайта номланаётган географик объектлар юзасидан овоз бериш жараёнида иштирок этиш мумкин. Иккинчи ёзувни босиш орқали янги объектларга ном бериш юзасидан таклифлар киритилади.
Сайтдан фойдаланиш учун ундан рўйхатдан ўтиш лозим. Бунинг учун фуқаролик паспорти маълумотлари ва телефон рақами керак бўлади.