Россия Ўзбекистон билан атом саноати соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашни муҳим деб билади. Бу ҳақда 2 декабрь куни Самарқандда бўлиб ўтган ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг учинчи йиғилишида Россия Бош вазири Михаил Мишустин маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларидан бири бу энергетикадир. Энергетика соҳасига киритилган Россия сармояларининг умумий ҳажми 12 миллиард долларни ташкил этади.
“Кеча, муҳтарам Абдулла Ниғматович (Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов – таҳр.) биз ҳамкасбларимиз билан бир қатор лойиҳаларни атрофлича муҳокама қилдик. Биз атом энергетикаси соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашни муҳим деб биламиз. Йирик лойиҳа Россия томонидан лойиҳалаштирилган атом электр станциясини биргаликда қуриш бўлади. Барча эришилган келишувларни амалга оширишни тезлаштириш зарур’’, - деди Россия ҳукумати раҳбари Самарқандга амалий ташрифи чоғида.
Шунингдек, у ўзбекистонлик шерикларнинг саноат кооперациясини чуқурлаштиришдан манфаатдорлигини маъқуллади. Томонлар автомобиль ва самолётсозлик, фармацевтика соҳасидаги ташаббусларни муҳокама қилмоқда.