Фарғона вилояти ДХХ бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида, Фарғона шаҳрида яшовчи 1978 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган фуқаронинг яшаш хонадони ён атрофи кўздан кечирилганда, ерга кўмиб қўйилган 21 кг 579 гр гашиш моддаси борлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, тожикистонлик наркокурьерлар томонидан контрабанда йўли билан олиб келинган ушбу гиёҳвандлик воситасини у кейинчалик Тошкент шаҳри ва Фарғонада сотишни режалаштирган.
Шунингдек, мазкур шахснинг жиноий шеригини аниқлаш мақсадида давом эттирилган тадбирда Фарғона-Тошкент йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Nexia автомашинаси Наманган вилояти Поп туманида тўхтатилиб кўздан кечирилди. Натижада Фарғона вилоятида яшовчи 1983 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги автомашинанинг юкхонасида 2 кг 816 гр гашиш моддаси борлиги аниқланиб тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Яна бир ҳолатда эса, Қўқон шаҳрида яшовчи 1989 йилда туғилган фуқаронинг хонадонида 4 кг 831 гр опий ва 995 гр гашиш моддалари борлиги маълум бўлди.
Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари Қўқон шаҳрида яшовчи 1997 йилда туғилган фуқарога тегишли бўлиб, у Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган наркотик моддасини Тошкентда сотишни режалаштирган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.