ИИВ ЙҲХББ Матбуот хизматининг хабарига кўра, 2022 йил 12 ноябрь куни соат 09:30 ларда Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани "Тошли" МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4Р-87 автомобиль йўлининг 46-километрида 1986 йилда туғилган ҳайдовчи Б.Ш. Labo юкхонасида одам ташиш қоидаларини бузган ҳолда йўловчилар миндириб ҳаракатланаётган вақтда ёқилғиси тугаб транспорт воситаси секинлашган.
Ҳайдовчи автомобилни йўл четига олиб чиқаётган вақтда ушбу йўналишда ортидан ҳаракатланиб келган б1987 йилда туғилган Ғ.Т. Isuzu юк машинасида Labo’нинг айнан одамлар миниб олган қисмига қаттиқ зарб билан тўқнашган ва иккала юк автомобиллари йўл четига ағдарилган.
ЙТҲ натижасида, Labo юкхонасида бўлган икки нафар йўловчилар оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, беш нафар йўловчилар турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси Йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш бўлинмаси томонидан ЖКнинг 266-модда 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.