Жорий йил январь-октябрь ойларида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти томонидан Ўзбекистон ҳудудига учувчисиз учиш аппаратларини (УУА) ноқонуний олиб кирилгани учун 22 киши, жумладан, 21 нафар чет эллик шахс жиноий жавобгарликка тортилди.
ИИВнинг маълум қилинишича, аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар ўрганилган. Бунда бошқа омиллар билан бир қаторда, аксарият ҳолларда Ўзбекистонга келаётган чет эл фуқаролар дронларни олиб кириш бўйича ўрнатилган тартиб- қоидаларни билмасдан, божхона чегараси ўтказиш пунктларидан “яшил” йўлак орқали ўтиб, бу каби қурилмаларни тўсиқларсиз мамлакат ҳудудига олиб кирганликлари маълум бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинган эди.
Ҳужжатга мувофиқ республика ҳудудида учувчисиз учадиган аппаратлар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларининг белгиланган тартибда мажбурий декларация қилинадиган транзитидан ташқари қонунга хилоф равишда олиб кириш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш тақиқланади.