Жорий йилнинг 23 ноябрь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар беришда талон-торож қилинган банк номини яшириб келмоқда. Шунақа топшириқ бўлганми ёки банклар билан келишув борми, мазмунида хабар ижтимоий тармоқларга сиздирилган. Ушбу хабар юзасидан Бош прокуратура муносабат билдирди.
"Унга кўра, ахборот тарқатишда жиноят иши қўзғатилган, бироқ суд ҳукми чиқарилмаган ишлар бўйича жисмоний ва юридик шахсларга доир маълумотларни эълон қилишда қонун нормаларига қатъий амал қилиниши Департамент органларининг энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади", — дейилади хабарда.
Конституциясининг 26-моддаси ҳамда ЖПКнинг 23-моддасида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланиши белгиланган.
Нафақат банклар, балки бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳам номлари уларнинг айби қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқланмагунга қадар қисқартирилган шаклларда тақдим этиб борилмоқда.
Хабарларни ёритишда, жиноят содир бўлган қайсидир ташкилот ёки банк муассасаси номининг тўлиқ очиқланиши қонунчиликка зид бўлиши баробарида кенг жамоатчилик ўртасида нафақат ушбу ташкилотларнинг нуфузи, балки уларда фаолият юритаётган ҳалол, ўз касбига садоқатли ходимларнинг ишчанлик обрўсига салбий таъсир этиши ҳамда жамоатчиликда асоссиз ишончсизлик фикрлари шаклланишига олиб келиши мумкин.