Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Андижон вилояти Андижон шаҳар 3-кичик даҳасида жойлашган кўп қаватли уйларнинг бирида ёнғин содир бўлаётганлиги акс этган видео ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги муносабат билдирди.
Унга кўра, соат 21:09 да юқорида айтилган манзилда ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида вилоят ФВБга хабар келиб тушган. 12 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 3 та автонарвон соат 21:18 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 21:40 да қуршаб олинган ва соат 22:25 да бартараф этилган, дея хабар берди ФВВ матбуот хизмати.
Ёнғин натижасида кўп қаватли уйнинг таҳминан 400 кв.м майдонда том қисми ёниб зарарланган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда, дейилади хабарда.