“Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янгиланган стратегияси қабул қилинган бўлса-да, афсуски, оғир синов даври бўлган пандемия туфайли аввал белгилаб олган кўпгина режаларимиз, европалик ҳамкорларимиз билан кун тартибидаги энг муҳим вазифаларни тўлиқ амалга оширдик, деб айта олмаймиз”, — деди Шавкат Мирзиёев ўз мурожаатида.
Президент Самарқанд шаҳрида ўтказилган конференция Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги мулоқотни фаоллаштиришга қаратилгани билан ғоят муҳим эканини таъкидлади.
Бу, биринчи навбатда, рақамли трансформация соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва инклюзив ривожланиш учун Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг улкан салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Президент таъкидлаганидек, транспорт йўналишларини диверсификация қилиш Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари учун бирдек долзарб вазифа бўлиб, унинг амалга оширилиши жаҳон бозорларига чиқиш, глобал интеграция ва ҳамкорлик жараёнларида фаол иштирок этиш имконини беради.
"Транскаспий мултимодал йўналишининг ривожланиши Европа ва Осиё ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга, Марказий Осиё давлатларининг ташқи бозорларга энг қулай транспорт йўлаклари орқали чиқишига катта ҳисса қўшади", – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг “яшил” ривожланишдаги асосий ҳамкори эканини ҳам таъкидлади.
"Шубҳасиз, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, инклюзив яшил ривожланишга ўтиш, сувдан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизлик бундан кейин ҳам кўп томонлама ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишларидан бўлиб қолади", – деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти якунда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ижобий натижалар беришига умид билдирди.