Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Ўзбекистонда киберспорт расман алоҳида спорт тури сифатида эътироф этиладиган бўлди. Шунингдек, қуйидагилар киберспорт турларини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
• киберспорт турлари бўйича профессионал спортчилар (киберспортчилар) ва тренерлар, малакали ҳакамлар ва шарҳловчилар ҳамда бошқа мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш тизимини жорий қилиш;
• киберспорт турлари бўйича республика ва халқаро чемпионатлар ва турнирлар ташкил этиш, шунингдек, нуфузли халқаро ва минтақавий мусобақаларда муносиб иштирок этиш;
• киберспорт турлари бўйича илмий ва ўқув-услубий қўлланмалар ва адабиётлар ишлаб чиқиш ҳамда нашр этиш;
• киберспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш ва кенгайтириш, соҳага тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилишни рағбатлантириш;
• киберспорт турларига нисбатан ижобий жамоатчилик фикрини шакллантириш, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш.
Шунингек, ҳар йили апрель ойида “Uzbekistan Esports Championship” республика чемпионати;
• ҳар йили декабрь ойида “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси кубоги” турнири;
• ҳар йили июнь ойида “Ёшлар кубоги” турнири ўтказилади.
Қайд этилишича, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб “Спорт фаолияти:
киберспорт” бакалавриат таълим йўналишини очиш ҳамда ушбу йўналиш бўйича ўқиш муддатини 3 йил этиб белгиланди.
Uzbekistan Esports Championship” республика чемпионатида ғолиб бўлган киберспортчилар “Спорт фаолияти: киберспорт” бакалавриат таълим йўналишига касбий (ижодий) имтиҳонларни топширишдан озод қилиш ва уларга максимал балл берилади.