Куни кеча Facebook ижтимоий тармоқларда Азиза Қурбонова исмли журналист Тошкент шаҳар Учтепа тумани Чўпонота маҳалласидаги яшаш хонадонида газ пастлиги ва 20 дақиқадан буён чой қайнатолмаётгани ҳақида пост қолдирган. Ушбу постга Учтепа тумани ҳокимлиги қуйидагича изоҳ берган.
"Бўлди-да Азизахон, нима қиласиз оловга ёғ сепиб. Ҳамма нарса назоратга олинган. Қани бир кун келиб Учтепада ишлангчи, кўраман... Бас қилинг халқни ғазабини қўзғатишни. Сиз нима қилиб бердингиз Учтепага? Тепада ўтириб ақллилик қилиш нечоғлик осон-а", — дея муносабат билдирган Учтепа тумани ҳокимлиги матбуот хизмати ходими.
Бунга жавобан журналист Азиза Қурбонова туман ҳокимлигининг Facebook'саҳифасидан ёзаётган шахсни кимлигини билиш мақсадида унинг исмини сўраганида қуйидагича жавоб олган.
"Менинг исмим Учтепа тумани ҳокимлиги ва мен халқимни оғир ва енгил кунларида ҳам бирга бўлиб, улар нафар олаётган ҳаводан нафас оламан. Улар юрган йўллардан юраман, уларнинг дарди билан яшайман. Мана мен кимман Азиза бону? Сизга ҳам шуни тавсия қиламан. Ўзингиздан катталарга ҳурмат билан ёндашишни тавсия қиламан", — дейилади ҳокимлик муносабатида.