Сурхондарё вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 26 та умумтаълим мактабларига 26 та Дамас русумли автомашиналар берилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилоят Халқ таълими бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур автомобиллар Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг “Сурхондарё вилояти бюджетининг жорий йил I-чорак якунига кўра даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан маблағ ажратиш тўғрисида”ги қарори доирасида қабул қилинган.
Ушбу автотранспорт воситалари вилоятдаги шароитлари мавжуд бўлмаган мактаб филиалларида таълим олаётган ўқувчиларни асосий мактабларга ташиш учун хизмат қилади.
“Куннинг жазирамаси, қишнинг қаҳратонида олис мактабларга қатнайдиган 789 нафар ўғил-қизларнинг қувончи чексиз. Улар барча шароитлари мавжуд мактабларга транспорт воситасида қатнашади. Вилоятдаги 26 та таъмирталаб мактаб филиалларининг фаолияти тугатилди”, - дейилади хабарда.