АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Орол денгизи ҳудудида чўлланишнинг салбий оқибатлари билан курашиш мақсадида 1,6 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратганини эълон қилди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги Элчихонаси хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу ташаббус Орол денгизининг қуриган тубида экотизимларни қайта тиклаш (ERAS II) лойиҳасининг иккинчи босқичи доирасида амалга оширилиб, Орол денгизининг Ўзбекистон қисмида янги ўрмон экинларини ўтқазиш орқали ҳудудда ҳаво сифати ва яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда иқлим ўзгаришига чидамлиликни оширишга йўналтирилади. Бу Орол денгизининг шимолий қисми бўлмиш Қозоғистон ҳудудида аввал бошланган лойиҳа доирасида олиб борилаётган ишларнинг мантиқий давомидир.
USAID, шунингдек, Оролбўйи минтақасида яшаш шароитларини яхшилаш ва экотизимларни тиклашга кўмаклашиш мақсадида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам беради.
Ушбу лойиҳа 2022 йилги БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференциясида (COP27) эълон қилинган АҚШ ҳукуматининг табиатга асосланган ечимлар бўйича йўл харитасини қўллаб-қувватлайди. Унинг мақсади иқлим ўзгаришига қарши курашнинг асосий усули сифатида табиий ечимларни илгари суриш ва АҚШнинг иқлим мақсадларига эришишни тезлаштиришдан иборат.
Оролбўйи минтақасида кўкаламлаштириш ишларидан ташқари, USAID экинлар экиш ва уларни суғоришда инновацион технологияларни қўллаш бўйича изланишлар олиб бориш ва натижаларини тарқатишни ҳам қўллаб-қувватлайди. Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам Орол денгизи фалокатининг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштиришини ва билимлар алмашинувини қўллаб-қувватлашларини билдиришган.
Орол денгизининг қуриган тубида экотизимларни тиклаш лойиҳаси USAIDнинг сув ресурслари ва атроф-муҳит бўйича минтақавий лойиҳаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Орол денгизи бўйича халқаро инновацион маркази, олий таълим ва илмий-тадқиқот институтлари, Мўйноқ тумани ҳокимияти ва Қозоғистон Республикасининг Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади.