Тошкент шаҳрида яшаш хонадонида фоҳишахона ташкил қилган эркакка 3 йил 2 ой муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати.
Унга кўра, 64 ёшли эркак пулга муҳтожлиги сабабли 100 минг сўм пул эвазига танишига уйдан шароит яратиб берган.
Судланувчининг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланган. Судланувчининг сўзларига кўра, оёғидаги оғриқ сабабли гиёҳванд воситаларидан фойдаланиб келган.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди томонидан ўтказилган сайёр суд мажлисида ЖКнинг 131-моддаси (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 2-қисми, 276-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми “б” банди билан айбланган эркакка 3 йил 2 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди.