Ўзбекистон Европа Иттифоқига Алишер Усмонов ва унинг синглиси Гулбаҳор Исмоиловага қарши санксияларни бекор қилиш учун лобби қилмоқда, деб ёзади Financial Times.
Алишер Усмонов жорий йилнинг феврал ойида Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётлари бошланганидан кейинги дастлабки кунларда Европа Иттифоқи санкцияларига дучор бўлган 26 нафар россияликдан бири эди.
Унинг синглиси Гулбаҳор Исмоилова ҳам Усмоновнинг 600 миллион долларлик “Дилбар” яхтаси каби баъзи мол-мулкининг қонуний эгаси бўлганлиги сабабли жазога тортилган.
Нашрга кўра, Ўзбекистон расмийлари Европа Иттифоқи вакиллари билан учрашувларда Усмоновга нисбатан қўлланилган санксиялардан хавотир билдирган ва унга қарши санксиялар, жумладан, активларини музлатиш ва саёҳатга чиқишни тақиқлаш миллиардернинг Ўзбекистонга сармоя киритиш имкониятини чеклаб қўйганини таъкидлаган.
Ўзаро муҳокамалардан хабардор бўлган икки манбанинг айтишича, Ўзбекистон расмийлари Европа Иттифоқи билан сўнгги учрашувларда санкциялар юзасидан хавотирларини билдирган. Агар Европа Иттифоқи чекловларни олиб ташлаш талабларини рад этса, Ўзбекистон Усмоновга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини айтган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги нашр сўровларига жавоб бермаган.
“Биз Ўзбекистон ҳукуматининг хатти-ҳаракатларини изоҳлай олмаймиз, аммо санкциялар ҳақиқатан ҳам сармоявий ва хайрия лойиҳаларига тўсқинлик қилмоқда”, - дея жавоб берган Усмоновнинг матбуот котиби нашр сўровига.