2022 йилнинг 8 ноябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Қозоғистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Бейбут Атамқуловни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув элчининг вазирга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топшириш маросими билан бошланди. Вазир Элчини лавозимга киришиши билан табриклаб, касбий фаолиятида муваффақиятлар тилади. Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштиришга интилиши алоҳида таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг ноябр ойида ўтказиладиган “Қозоғистонда Ўзбекистон маданияти кунлари”га тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.