Поиск
RUUZ

Общество

Ўзбекистонда энди иш ҳақи кечиктирилган ҳар бир кун учун пулли компенсация тўланади

Компенсацияни тўлаш мажбурияти иш берувчининг ойлик иш ҳақи тўлашнинг кечиктирилишида айби бор-йўқлигидан қатъи назар юзага келади. Бу янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида белгиланди.

344views0replies
0

UzNews.uz

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 253-моддасига кўра, ходимларга иш ҳақи тўлаш муддатлари жамоа шартномасида ёки ички ҳужжатда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган муддатларда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас.
Ходимларга ойлик иш ҳақи, қоида тариқасида, 16 кундан кўп бўлмаган танаффус билан икки қисмга бўлинган ҳолда (бўнакда ва қолган қисми миқдорида) тўланади.
Иш ҳақи тўланадиган кун дам олиш кунига ёки ишланмайдиган байрам кунига тўғри келиб қолганда иш ҳақи ушбу кунлар арафасида тўланади. Ходимга тегишли бўлган иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши ва миқдори бошқа тўловларни амалга оширишга ҳамда уларнинг навбатига боғлиқ қилиб қўйилмаслиги керак.
Шунингдек, кодекснинг 333-моддасида иш берувчи иш ҳақи тўлаш кечиктирилгани учун ходим олдида моддий жавобгар бўлиши белгиланди.
Унга кўра, иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт.
Ходимга тўланиши лозим бўлган пулли компенсациянинг миқдори Марказий банки қайта молиялаш ставкасининг ўн фоизи миқдорида белгиланади. Унинг миқдори жамоа шартномаси, ички ҳужжат ёки меҳнат шартномаси билан оширилиши мумкин.
Мазкур пулли компенсацияни тўлаш мажбурияти иш берувчининг ойлик иш ҳақини ёки ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлашнинг кечиктирилишида айби бор-йўқлигидан қатъи назар юзага келади.
Маълумот учун, янги таҳрирдаги ушбу кодекс 2023 йилнинг 30 апрелидан бошлаб кучга киради.
344views0replies
0

Комментарии