Ўзгидромет хабарига кўра, Ўзбекистон ҳудудига нисбатан юқори ҳарорат фонида Каспий денгизи, Туркманистон ва Эрон ҳудудларидан нам булутли массивлар кириб келиши давом этади.
Бугун, 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг жанубий вилоятлари ва Фарғона водийсида энг жадал ёмғирлар ёғади. Қолган ҳудудларда эса фақат баъзи жойларда танаффус билан ёмғир ёғади.
Эртага ҳудуднинг катта қисмида кечаси ва эрталаб ёмғир ёғиши сақланиб туради. Фақат Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида куннинг иккинчи ярмида ёмғир ёғади.
Якшанба куни республика ҳудудининг катта қисмида яна ёмғир ёғади, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёмғир жадал ёғади. Баланд тоғларда ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. Республика шимолида ва Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди.
Ушбу кунларда ҳарорат фони деярли ўзгармайди. Ҳаво ҳарорати кечалари +5…+10 даража, кундуз кунлари +12…+17 даража атрофида бўлади.