Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда ЙПХ инспекторлари Nexia-2'ни тўхтатиб, машина ойнасини синдиришгани ва ҳайдовчини ҳибсга олгани акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 1 ноябрь куни тахминан соат 17:00 ларда 2004 йилда туғилган А.Х. Nexia-2'ни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларга эга бўлмаган ҳолда бошқараётган вақтида йўлда уч маротаба ЙПХ инспекторларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттирган.
Тўртинчи маротаба Юнусобод тумани Амир Темур ва Шаҳрисабз кўчалари кесишган чорраҳасида ЙПХ инспектори М.Турдиев томонидан жезл ва ҳуштак ёрдамида тўхташ ишораси берилганда, ҳайдовчи катта тезликда ҳаракатни давом эттирган.Таъкидланишича, бир нечта ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан ҳаракатини давом эттираётган ушбу автомобиль ҳаракатини чеклаш мақсадида бошқа транспорт воситалари тўхтатилган.
Сўнг, Амир Темур – Алишер Навоий – Шахрисабз кўчалари кесишган чорраҳада ЙПХ инспектори Д.Ганиев томонидан транспорт воситаси тўхтатиб қолинган. Ҳайдовчи ўзини шубҳали тутганлиги, ходимларнинг эшикни очиш ва транспорт воситасидан тушиш ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмасдан, транспорт воситасини ичкаридан қулфлаб олганлиги сабабли, транспорт воситасининг ойнасини синдириш орқали ҳайдовчининг эшиги очилган ва ҳайдовчининг транспорт воситасини бошқариш имконияти чекланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳайдовчи А.Х.га нисбатан МЖтКнинг 194-моддаси (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Транспорт воситаси жарима майдонига жойлаштирилган.