Тошкент вилояти ИИББ Матбуот хизматининг хабарига кўра, Чирчиқ шаҳрида яшовчи 31 ёшли A.У. 37 ёшли аёли К.К. билан бирга уч нафар танишлари (бир нафар аёл ва икки эркак)ни жалб қилган ҳолда бир гуруҳ бўлиб, Бўстонлиқ туманида жойлашган дала ҳовлиларнинг бирини ижарага олган ва у ерда 100 ва 200 минг сўмлик Ўзбекистон миллий валютасини қалбаки усулда тайёрлаган.
Орадан бироз вақт ўтиб, ушбу купюраларни муомалага киритиш мақсадида Янгийўл шаҳар марказий бозорига келган ушбу шахслар (тадбиркорлар хабари асосида) ички ишлар бўлими ходимлари томонидан гумонланувчи тариқасида қўлга олинган.


Ҳолат юзасидан холислар иштирокида ўтказилган тинтув жараёнида улардан жами қиймати 26 млн 200 минг сўмга тенг бўлган 100 ва 200 минг сўмлик қалбаки купюралар ва рангли принтер далилий ашё сифатида олинган (қалбаки пулларга нисбатан экспертиза тайинланган).
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) 2-қисми "в" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.