Жиззах вилояти ИИБ Матбуот хизматининг хабарига кўра, Жиззах шаҳар “Ҳайриобод” МФЙда МЧЖ раҳбари ва таъсисчилари билан биргаликда мазкур корхонага тегишли цехда ноқонуний равишда қизил ва оқ ҳолатли чигитларни аралаштирган ҳолда ёғ маҳсулотини ишлаб чиқариб келаётгани аниқланди.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида цехда 18 тонна қизил рангли “Андижон 37” навли кимёвий ишлов берилган уруғлик чигити борлиги ҳамда бу пахтачилик кластеридан сотиб олингани маълум бўлди.
Бундан ташқари цехда яна 42 тонна ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган чигит маҳсулотлари, 4 дона жувоз ускунаси ва чигитлардан қайта ишланган 2 минг литр истеъмолга яроқсиз ёғ маҳсулотлари ва 50 тонна кунжара маҳсулотлари пахтачилик кластерига вақтинча сақлаш учун топширилди.
Шунингдек, цехдан ёғ маҳсулотини қайта ишлашга мўлжалланган Хитойда ишлаб чиқарилган ускуна ва идишлар олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлар олиб борилмоқда.