Поиск
RUUZ

Общество

Ёш олимлар ўртасида нефть ва газ соҳасида 3 та лойиҳа йўналиши бўйича танловлар ўтказилади

Uzbekistan GTL заводида “Таълим-ишлаб чиқариш кластерида ёшларнинг ўрни” мавзусида Республика илмий-техникавий анжуман ўтказилмоқда.

254views0replies
0

Ўзбекнефтгаз АЖ

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида жойлашган “Uzbekistan GTL” заводи маъмурий биносида “Таълим-ишлаб чиқариш кластерида ёшларнинг ўрни” мавзусидаги Республика илмий-техникавий анжумани ўтказилмоқда.
Мазкур анжуман Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 7 июлдаги “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-309-сонли қарори ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаши йиғилишида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Унда Республиканинг 15 тадан ортиқ Олий таълим ва илмий текшириш институтларидан 100 тадан ортиқ ёш олимлар ва мутахассислар қатнашишди.
Анжуманни “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев кириш сўзи билан очиб берди ҳамда нефть ва газ саноатини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, мазкур соҳада таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга тўғридан-тўғри татбиқ қилиш бугунги кунги энг асосий вазифалардан бири эканини таъкидлади.
"Таълим ва илмий-изланиш ташкилотлари раҳбар ҳамда мутахассислари, талаба ва изланувчилар, яна бир томондан эса ишлаб чиқариш корхоналари мутахассислари бир жамоа бўлиб бу анжуманда иштирок этаётганининг ўзи дастлабки ютуқ деб биламан", - деб таъкидлади Меҳриддин Абдуллаев.
Бугунги анжуманнинг мақсади – нефть ва газ соҳасида ҳар уч томон, яъни Ҳукумат, таълим, илм-фан соҳаси ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш, ҳар томонлама алоқаларни ривожлантириш, нефть ва газ ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш бўйича инновацион технологиялар билан танишиш, шунингдек бошқа долзарб мавзулар бўйича муҳокамалар ўтказиш учун ягона майдон яратишдир.
Юқорида қайд этилган қарорда белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” жамиятининг 3 та ишлаб чиқариш корхоналари, 6 та таълим ташкилоти ва 4 та илмий-тадқиқот ва малака ошириш муассасаларидан иборат Нефть ва газ соҳасидаги таълим-ишлаб чиқариш кластери ташкил этилди.
Олий таълим ташкилотларининг ўқув жараёнларига ишлаб чиқариш корхоналарининг 20 нафар малакали ва тажрибали мутахассислари жалб қилинди, 1318 нафар талаба ҳамда 48 нафар профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт ва стажировка ўтиши ташкил этилди, 27 нафар иқтидорли талабалари учун ишлаб чиқариш корхоналарининг стипендиялари жорий этилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ишлаб чиқариш корхоналарининг 24 нафар ходимига бакалавриатурада ва 6 нафар ходимига магистратурада ўқиш учун тавсиянома берилди ва шартнома тўловлари ишлаб чиқариш корхоналари томонидан амалга оширилади.
Шўртан газ кимё мажмуасига тегишли бўлган Ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув маркази “UNG training” корхонаси тасарруфига ўтказилди ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ маблағлари ҳисобидан ўқув маркази биносини тўлиқ реконструкция қилиш ҳамда замонавий талаблар асосида жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Ўқув марказининг таълим жараёнига чет эллик мутахассисларни жалб қилиш юзасидан Россия Федерациясининг И.М.Губкин номидаги нефть ва газ университети ҳамда Когалым политехника техникуми билан ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси ташаббуси билан анжуманда қатнашаётган ёш олимларни рағбатлантириш мақсадида учта номинация бўйича “Энг яхши амалий лойиҳа”, “Энг яхши инновацион лойиҳа” ва “Энг яхши ёш олим” йўналишлари бўйича ҳамда секциялар ғолибларини аниқлаш юзасидан танловлар ўтказилади. Ғолиб ва совриндорларга мукофот ва эсдалик совғалари топширилади.
Тадбирнинг иккинчи кунида иштирокчилар учун “Uzbekistan GTL” корхонасининг ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда замоновий кимёвий лабораторияси моддий техник базаси билан яқиндан таништириш учун экскурсия ташкил этилади.
Анжуман кун тартибига кўра, 28 октябрь куни танлов натижалари ҳамда “Uzbekistan GTL” заводи томонидан талаба ёшларни юқори салоҳият ва истиқболга эга бўлган мутахассис этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган Олий таълим муассасаларининг илмий-педагог ходимларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида биринчи бор ўтказилаётган “Энг фидойи устоз” танлови ғолиблари тақдирлаш маросимлари ўтказилди.
Бундан ташқари, Анжуман дастуридан ўрин олган ялпи йиғилиш ва 4 та шўъба йиғилишида “Геология-қидирув ишлари ва нефть-газ конларини ишлатишдаги инновациялар”, “Нефть ва газни қайта ишлаш бўйича инновацион тадқиқотлар”, “Нефть ва газ комплексида барқарор ривожланиш (ESG) тизимини такомиллаштириш” ва “Нефть ва газ соҳасида рақамлаштириш тизимини такомиллаштириш” мавзулари бўйича ёш олимлар ва экспертлар ўзаро тажриба алмашишади.
254views0replies
0

Комментарии