Президент матбуот хизмати раҳбари Шерзод Асадов ОАВ вакиллари иштирокида бугун бўлиб ўтган матбуот анжуманида Сирдарё вилоятида жойлашган ҳарбий қисм омборида содир бўлган портлаш ҳақида маълумот берди.
"Бундай ҳодисалар тўғрисидаги хабарлар президентга зудлик билан етказилади. Ушбу ҳолатда ҳам президентга тезлик билан ахборот берилди. Президент томонидан тегишли ташкилот ҳамда идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ҳодиса жойига юборилди", — дея хабар берди Дарё.
Унга кўра, ишчи гуруҳ ҳодиса туфайли талафотлар таҳлили билан шуғулланган. Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ҳамда вилоят ҳокими бошчилигида махсус комиссия тузилиб, талафотлар оқибатини тезда бартараф этиш бўйича иш бошланган.
"Даставвал аҳоли хонадонларини таъмирлаш ҳамда кичик ва ўрта бизнес ишини тезда қайта йўлга қўйиш вазифаси қўйилди. Охирги бир суткада 10 минг квадрат метрдан зиёд ойна етказиб берилиб, ўрта ва кичик бизнесга тегишли биноларнинг том қисми деярли тўлиқ таъмирланди.
Портлаш натижасида 17 киши жароҳатланган, айни вақтда касалхонада 7 киши даволанмоқда ва уларнинг барчаси ҳарбийлар бўлиб, тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган барча одамларга кўмак берилиб, уйига юборилган.
Бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва бунга олиб келган барча омиллар инобатга олиниб, кенг жамоатчиликка эълон қилинади. Ушбу ҳолат президент назоратидаги масаладир", — деди Шерзод Асадов.