Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг очиқ суд мажлисида қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганликда айбланган, 1999 йилда туғилган судланувчига оид жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати раҳбари Садоқат Аллаберганова UzNews.uz'га маълумот берди.
Жорий йилнинг 26 май кунидан 27 май кунига ўтар кечаси тунги соат 01:30 атрофида судланувчи Чилонзор тумани, Қатортол-Ал Хоразмий кўчасида ўзини “Зуля” деб таништирган 2003 йилда туғилган қиз билан танишади. У билан 600 000 сўм эвазига тонггача "бирга бўлиш" (жинсий алоқа қилиш) учун келишади. Соат 03:18 атрофида йигит қизни ўзи томонидан таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган Шайхонтоҳур туманидаги хонадонга олиб бориб, ушбу хонадонда у билан “бирга бўлган” (жинсий алоқада) бўлган.
Шундан сўнг, судланувчи маст ҳолатда қиз билан яна бир маротаба яқинлик қилмоқчи бўлган вақтда, ўзаро оғзаки жанжаллашиб қолган. Жанжал натижасида қиз йигитни ҳақорат қилган. Судланувчи уни кўрпача устида ярим яланғоч ҳолатда, яъни ожиз аҳволда ётганидан фойдаланиб бўйин соҳасидан қўллари билан бўғиб, қасддан ўлдирган.
Судланувчи содир этган жиноятини яшириш мақсадида ушбу хонадонда ўрнатилган совуткич (кондиционер) қутисига (коробка) қизнинг жасадини ва унга тегишли бўлган нарса-буюмларни қутига жойлаштирган. Қутини устидан скотч билан ўраб, ушбу манзилга такси чақиртириб, қутида нима борлигини ҳайдовчига билдирмасдан қутини “Nexia-2” такси автомашинасига жойлаган. Сўнгра қутидаги жасадни Учтепа туманида жойлашган оқиб ўтувчи “Бўзсув” каналининг қирғоғига олиб борган.
Манзилга етиб келган судланувчи ён-атрофида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, мурда жойлаштирилган қутини канал қирғоғига ташлаб юбориб, ҳодиса жойидан яширинган.
Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасида жабрланувчининг ўлими «юқори нафас йўлларининг юмшоқ жисм билан беркилиши ва бўйин аъзоларининг сиқилиши оқибатида келиб чиққан механик асфиксиядан» юз берганлиги кўрсатилган.
Судья Темуржон Юсупов раислигида ўтган суд ишида судланувчи ЖКнинг 97-моддасининг (қасддан одам ўлдириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва унга нисбатан 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.