Жорий йилнинг 30 август куни Тошкент аэропорти орқали яширинча 57 бош тимсоҳ болалари олиб ўтилаётгани аниқлангани ва ҳолатга ойдинлик киритилгунига қадар ушбу ёввойи ҳайвонлар Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча сақлаш учун топширилган ҳақида хабар берган эдик.
Тошкент халқаро аэропорти орқали яширинча олиб кирилган 57 бош тимсоҳ болаларининг биттаси ва улар билан бирга олиб келинган буқаламунларнинг 6 нафар нобуд бўлди, дея UzNews.uz'га хабар берди Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Тангриев.
Ёввойи жониворларнинг нобуд бўлишига ёввойи табиатдан ажратиб олинганлиги, уларнинг айримлари мустақил равишда озиқлана олмаётгани ва махсус карантинда сақланаётган буқаламунлар қутида мевалар орасида олиб келинганлиги сабабли парвоз вақтида мевалар ичида сиқилиб қолиб, жиддий шикастлангани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
"Натижада, ҳозирга келиб 1 бош тимсоҳча ва 6 бош буқаламун нобуд бўлган. Ҳозирда улар утилизацияга қадар махсус музлаткичда сақланмоқда", — дейилади хабарда.
Жониворларнинг кейинги тақдири суд ҳукмига биноан ҳал бўлади. Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан ЖКнинг бир нечта моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.