Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Россия, Жанубий Корея, Қозоғистон, Сербия, Буюк Британия, Туркия, Германия, Япония ва бошқа давлатларга жами 27 мингдан ортиқ фуқаро манзилли ишларга жўнатилган. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Хорижий ташкилотлар билан олиб борилган музокаралар натижасида, Кореяга 3825 нафар, Англияга эса 77 нафар ўзбекистонлик ишга жўнатилган.
Агентлик жами 206 мингдан ортиқ фуқарога хизмат кўрсатган. Шундан, 183 мингдан ортиғига маслаҳат хизмати, 6 063 нафарига ҳуқуқий, 15 мингдан ортиғига ижтимоий, 2 595 нафарига моддий ёрдам, шундан, 1009 нафарига БҲМнинг икки бараваридан, жами 50 255 АҚШ доллари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, 198 нафар фуқаро вақтинчалик хостелларга жойлаштирилган, оғир вазиятларга тушиб қолган 844 нафар фуқаро эса Ўзбекистонга олиб келинган.
Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари аралашуви билан ўзбекистонликларнинг иш берувчиларидан 834 минг АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақлари ундириб берилган.
Бугунги кунда чет элда ишлаш истагида бўлган ўзбекистонликлар учун Германия, Литва, Болгария, Польша каби давлатларда тиббиёт, ҳайдовчилик, қурилиш ҳамда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг турли соҳаларида бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда.
Юқоридаги иш ўринлари ҳақида батафсил маълумот олиш учун Агентликка 1282 қисқа рақами ёки 71 коди билан 202-33-55 ва 200-00-61 рақамлари орқали мурожаат қилиш мумкин.