Бировнинг аёлига суйкалган йигит пичоқланиб ўлдирилгани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларга сиздирилди.
Ушбу ҳолат бўйича Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Хаёт Шамсутдинов ушбу ҳолат бўйича UzNews.uz'га маълумот берди.
Унга кўра, жорий йилнинг 25 сентябрь куни соат 01:30 атрофида Наманган вилояти Уйчи туманида яшовчи 1991 йилда туғилган Ш.А. ўртоқлари билан бирга бўлиб ўтган гап маросимидан яшаш хонадонига келган. Шу вақтда ўзининг ётоқхонасида телефон аппарати чироғи ёниқлигини кўриб, турмуш ўртоғи унга ҳиёнат қилаётган бўлиши мумкинлигини ўйлаб, яшаш хонадонида бўлган пичоқ билан қуролланиб, ётоқхонасига кирган. Ётоқхонада унинг турмуш ўртоғи З.А. бошқа туманда яшовчи Т.З. (эркак) билан ишқий муносабатларга киришиб, унга ҳиёнат қилаётганлигига гувоҳ бўлган.
Шундан сўнг Ш.А. аёли билан ишқий муносабатга киришган Т.З.ни кийимсиз ҳолатда ташқарига олиб чиқаётганда Т.З. унга қаршилик кўрсатган. Шунда Ш.А. қўлидаги пичоқ билан Т.З.ни ўлдириш мақсадида унинг ҳаёти учун муҳим бўлган органлари жойлашган кўкрак қафасининг чап томонига 1 маротаба уриб, қасддан ўлдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ш.А.га нисбатан ЖКнинг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.