Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг маълум қилишича, аслида мусулмон кишини ўз ватанини ҳимоя қилишдан бошқа хар қандай ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши шаръан жоиз бўлмайди.
Бу ҳақда мазҳабимизнинг буюк олимларидан бири Имом Муҳаммад "Ас-Сиярул-кабир" китобида айтадилар: “Мусулмонлар ғайридинлар билан бирлашиб, бошқа ғайридин жамоага қарши уришиши жоиз эмас”, деганлар.
“Ушбу урушга “жиҳод” номини бериш жаҳолатдан бошқа нарса эмас. Чунки Ислом шариатида жиҳод учун белгилаб қўйилган ўзига хос шарт ва талаблар мавжуд. Агар шартлар топилмаса, у ҳеч қандай жиҳод ҳисобланмайди. Балки у Исломда ҳаром қилинган уруш бўлади. Бунда иштирок этганлар Аллоҳнинг шариатига қарши чиққан шайтон аскарлари қаторида бўлади. Унда ўлдирганлар қотил, ўлганлар эса гуноҳ узра жон берган боғийлар бўлади”, - дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказида.
Қайд этилишича, Ислом дини икки жамоа ўртасида уруш бошланса, улардан бирига қўшилиб, уни алангалатишга эмас, балки тинчликка эришишга чақиради.
“Шундан келиб чиқиб, биз ватандошларимизни турли алдамчи тарғиботларга учмасликка, фитналардан йироқ бўлишга даъват этамиз”, - дея қўшимча қилинади хабарда.