Сардоба сув омборини лойиҳалаштириш ва қурилишига масъул бўлган 29 нафар шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Олий суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг маълум қилишича, 2022 йил 12 сентябрь куни Тошкент шаҳар судида 29 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни ниҳоясига етиб, суд ҳукми эълон қилинган.
Маълум қилинишича, судланувчилар ЖКнинг 167, 28,167, 209, 28,209, 243 ва 258-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, судланувчиларнинг
— 1 нафарига 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси;
— 1 нафарига 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 550 баравари миқдорида жарима жазолари;
— 1 нафарига 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 600 баравари миқдорида жарима жазолари;
— 1 нафарига 3 йил тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 600 баравари миқдорида жарима жазолари;
— 2 нафарига 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 550 баравари миқдорида жарима жазолари;
— 23 нафарига 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 дан 550 гача баравари миқдорида жарима жазолари тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг май ойида Сардоба воқеаси бўйича илк суд иши бўлиб, 17 кишига ҳукм эълон қилинганди.