Кеча, 15 cентябрь куни Самарқандда Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг тегишли идоралари ўртасида "Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон" темир йўли қурилиши лойиҳаси (Қирғизистон ҳудудидаги участка) бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур ҳужжат билан Қирғизистон ҳудудидаги темир йўл қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича барча ишларни 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида якунлаш белгиланган. Шунингдек, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқишда томонларнинг иштироки, молиялаштириш ва харажатларни тақсимлашига аниқлик киритилган.
Лойиҳа Хитойдан Ўзбекистон орқали Европага ва Жанубий йўлар билан Форс кўрфази давлатларига ташувларни ҳамда савдо географиясини кенгайтириш учун асос бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Эслатиб ўтамиз, темир йўл қурилиши бутун Марказий Осиё минтақасининг транспорт ва транзит салоҳиятини оширади.
Магистрал Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистонни Каспий денгизи портлари ва ундан кейин Европа билан, келажакда эса Трансафғон темир йўли орқали Покистон портлари билан боғлаши мумкин.