Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, назорат қилувчи органлар томонидан 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олинади. Бунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида мазкур тизимда рўйхатга олинмаган текширувларни ўтказиш ноқонуний ҳисобланади.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувларнинг натижалари ҳамда профилактика тадбирлари тўғрисида маълумот текширув ёки профилактика тадбирлари тугаган кундан бошлаб уч кун муддатда “Ягона давлат назорати” ахборот тизимига киритилади.
Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:
а) назорат қилувчи органлар:
- “хавфни таҳлил этиш” тизими натижаларига асосан ўтказиладиган текширувлар бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилади;
- тадбиркорлик субъекти илгари текширилган фаолият давридаги предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказишга ва тадбиркорлик субъекти томонидан аввал тақдим этилган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас;
- тадбиркорлик субъектлари учун профилактика тадбирларини тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган режа-графиклар асосида тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда семинарлар, оммавий муҳокамалар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, “очиқ эшиклар куни” тадбирларини ташкил этиш, тарқатма материал ва қўлланмалар билан таъминлаш, тавсия ва хабарлар юбориш шаклларида амалга оширади;
б) тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини қуйидаги ҳолларда текширув ўтказиш учун ўз ҳудудига қўймаслик ҳуқуқига эга:
- текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқ ўрнатилган тартибда расмийлаштирилмаганда;
- текширув белгиланган тартибда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилмаганда ёки у хабардор этилмаганда;
- тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома мавжуд бўлмаганида;
- улар текширувларни рўйхатга олиш китобига маълумотларни киритишдан бош тортганида;
в) 2023 йил 1 январдан бошлаб назорат қилувчи органларга “Ягона давлат назорати” ахборот тизимидаги давлат назорати функциялари реестрига киритилмаган функциялар бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш тақиқланади.
Адлия вазирлиги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Савдо-саноат палатаси ва назорат қилувчи органлар билан биргаликда 2022 йил 1 ноябрга қадар давлат назорати функциялари ва текширувларни қисқартириш бўйича таклифларни Стратегик ислоҳотлар агентлиги кенгашига киритади.